Хорижда ишлаган давр стажга қўшиладими?

Бугунги кунда аксарият ватандошларимиз чет элларда фаолият олиб бормоқда. Хорижда ишлаётганлар орасида ёлланма ишчилар ҳам бор.
Мазкур ҳолатда иш стажи қандай белгиланиши борасида таҳририятимизга мурожаат келиб тушган бўлиб, бунга Навоий вилоят Пенсия жамғармаси бошқармаси сектор бошлиғи Руслан Ҳамроев жавоб берди:
– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан чет элда ишлаётган фуқароларимиз ҳамда иш вақтини ҳисобга олиб бўлмайдиган шахсларнинг Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаш тартиби тўғрисида низом қабул қилинган. Унга кўра, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рухсатнома олиб ишловчи фуқаролар тегишли бадалларни ихтиёрий равишда тўласа, уларнинг ишлаган даври стажга қўшилади. Бунинг учун улар мамлакатимизга келганидан сўнг, уч кун муддатда паспортдаги Ўзбекистон Республикаси давлат чегарасини кесиб ўтганлиги тўғрисидаги ёзувлар (муҳрлар, штамплар ёки белгилар) асосида Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаш ва меҳнат дафтарчасига тегишли ёзувларни киритиш учун маълумотнома бериши лозим. Ҳар ой учун энг кам ойлик иш ҳақининг бир баробаридан кам бўлмаган миқдордаги маблағ ихтиёрий равишда тўланади. Мазкур тўлов ойига, ҳар чоракда ёки бир йўла Ўзбекистонга келган кундан бошлаб уч ой мобайнида амалга оширилиши мумкин.

Комментарии